#IESwomen ОбЪективда – Хосият Маматқулова
— Мен ўз ишимни, касбимни жуда яхши кўраман. Болаликданоқ кимё фанига бўлган қизиқишим бошқача эди. Тўғрисини айтсам, улғайганимда албатта ўқитувчи бўламан, деб ўйлардим. Аммо кейинчалик шаҳримиздаги маҳобатли станцияда ишлаш истаги мени ушбу соҳани танлашга ундади, — дейди Сирдарё ИэС кимё цехи катта аппаратчиси Хосият Маматқулова.

1978-йилда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида туғилган қаҳрамонимиз дастлаб 9 йил туман мактабида, сўнг Ширин шаҳридаги 1-сонли умумтаълим мактабида таҳсил олди. Мактабни тамомлагач энергетиклар шаҳридаги коллежнинг “Иссиқлик электр станциялари” йўналишига ўқишга киради. 2001-йил эса унинг ҳаётида катта бурилиш бўлиб, у орзу қилган корхонанинг айнан кимё цехида ўз меҳнат фаолиятини бошлайди.
— Маҳобатли станцияда ишлаш мен учун нафақат шараф, балки масъулият ҳамдир. Иш бошлаган даврларимда менга касб сирлари ва бор билимини ўргатган устозларимдан жуда миннатдорман. Айниқса, Наташа Юсупова, МуҲаббат Холматова ва Мақсуда Имомоваларнинг ўгитлари сабаб бугун ўз касбимнинг етук мутахассисларидан бирига айландим, — дейди Хосият Маматқулова.
24 йиллик меҳнат фаолияти давомида у ўзи ҳам устозга айланган. Бугун унинг шогирдлари — Шаҳринисо Эгамбердиева ва Дилноза Холназаровалар соҳа сирларини янада чуқур ўрганиш мақсадида унинг ёнида тажриба оширмоқда.
— Дадам ҳаётлик пайтларида бир гапни кўп такрорлардилар: “Қизим, ҳар бир ишда қийинчилик бўлади. Аммо сабрли ва матонатли бўлсанг, албатта ҳаммасини енгиб ёруғликка чиқасан”. Бу сўзлар менинг кундалик маёғимга айланган. Ҳар доим ўзим устида кўпроқ ишлашга интиламан, — дейди қаҳрамонимиз.
— Уйда меҳрибон онаман, ишда эса энергетика соҳасида фаол аёлман. Бу мен учун энг катта бахт. Ишга доим иштиёқ билан шошиламан, қайтаётганимда эса эришган ютуқларим мени илҳомлантиради. Ҳар куни шу соҳада ишлаётганимдан, аввало юртимиз тинчлигидан қувонаман ва шукрона айтаман, — дейди Сирдарё ИэС кимё цехи катта аппаратчиси Хосият Маматқулова.
Сирдарё ИЭС Матбуот хизмати