
Трансформация
“Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамиятида трансформация жараёнлари
Трансформация мамлакат иқтисодиёти фаолиятининг барқарорлиги ва самарадорлигини оширишда муҳим роль ўйнайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги ПФ-6096-сонли "Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш ва хусусийлаштиришни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ этиш ва трансформация қилиш шартлари ва муддатлари аниқ белгилаб берилган.
Бугунги кунда ёқилғи-энергетика комплексининг барча иштирокчилари - компаниялар ушбу трансформация жараёнининг драйвери бўлишлари кераклигини, давлатнинг роли эса шаклланган бизнес моделларнинг ривожланишига ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитларни яратиб беришдан иборат эканлигини тушуниб етдилар.
“Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамиятини трансформация қилишнинг асосий вазифаси бу – ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархини пасайтириш, операцион самарадорликни ошириш ва унинг ишончли ишлашини таъминлаш мақсадида рақамли технологиялар ва платформали ечимларни тизимли равишда жорий этиш йўли билан уни рақобатбардош компанияга айлантиришдир.

Операцион харажатларни камайтириш, замонавий ва инновацион технологияларни жорий этиш ва қўллаш, халқаро бозорга чиқиш, шунингдек, компаниянинг келгуси ривожланиши учун хусусий инвесторларни жалб қилиш - “Иссиқлик электр станциялари” ациядорлик жамиятини трансформация қилишнинг якуний натижаси ҳисобланади.
2021 йилда “McKinsey & Company” халқаро консалтинг компанияси билан ҳамкорликда компаниянинг жорий ҳолатини диагностика қилиш лойиҳаси амалга оширилди. Ушбу лойиҳа доирасида бажарилган чуқур диагностика натижасида компания салоҳияти аниқланди ҳамда “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамиятининг 2026 йилгача бўлган даврда операцион самарадорлигини ошириш бўйича ҳаракатлар йўл харитаси шакллантирилди.

2021 йилда “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамиятини трансформация қилиш жараёнини самарали амалга ошириш ва халқаро стандартларни жорий этиш мақсадида Трансформация лойиҳа офиси ташкил этилди.
2022 йилда компаниянинг ишлаб чиқариш ва бизнес жараёнларини рақамлаштириш, халқаро молиявий ҳисобот стандартларига тўлиқ ўтиш ва халқаро кредит рейтингини олиш бўйича чора–тадбирлар амалга оширилди.
“Иссиқлик электр стансиялари” акциядорлик жамиятида Молиявий соғломлаштириш ва операцион самарадорликни ошириш мақсадида “McKinsey & Company” халқаро консалтинг компанияси жалб қилинди ва ўрганишлар натижасида 60 банддан иборат таклифлар белгилаб олинди. Белгиланган таклифларни амалга ошириш натижасида 2025 йилга келиб, 1,2 триллион сўмлик натижага эришиш кутилмоқда. Бундан ташқари, 316 млрд.сўм миқдорида инвестиция киритиш эвазига 2,4 триллион сўмгача умумий тизимнинг операцион харажатларни қисқартириш имкони мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Берилган тавсияларни татбиқ этиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу жумладан:
-Халқаро консалтинг компанияси тавсиясига асосан “Иссиқлик электр станциялари” АЖ таркибидаги 8 та иссиқлик электр станциялари ва марказларини “ИЭС” АЖга қўшиб олинди ва жамиятнинг ҳудудий филиаллари сифатида қайта ташкил этилди. Бунинг натижасида ўртача йиллик 208,7 млрд. сўм миқдорда маблағлар тежалишига эришилади.
-Коррупцияга қарши “KOMPLAYENS” тизими татбиқ этилди ва корпоратив фирибгарлик ва коррупцияни аниқлаш учун “Катта тўртлик”ка кирувчи KPMG халқаро компаниясининг “Форензик таҳлил” хулосалари олинди.
-KPMG халқаро компанияси томонидан 6 та йўналиш бўйича ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш стратегияси ишлаб чиқилди.
-Жамиятнинг 2019-2021 йиллар учун тузилган молиявий ва бухгалтерия ҳисоботлари Deloitte халқаро компанияси томонидан аудитдан ўтказилди ҳамда ижобий хулосалари олинди.
-Жамият томонидан турли бошқарув тизимларига оид ISO 37001, ISO 26000, 44001 ва ISO 9001 халқаро стандарт сертификатлари олинди. -“Катта учлик”га кирадиган Fitch Ratings халқаро компанияси томонидан жамиятга BB- кредит рейтинги берилди.
-Жамиятда юз бериши мумкин бўлган хавфларни олдини олиш ва уларни имкон қадар камайтириш “Таваккалчиликни бошқариш” (риск менежмент) тизимини такомиллаштириш мақсадида грант асосида “Ernst & Young” халқаро консалтинг компанияси жалб қилинди.
-Шартли ёқилғининг солиштирма сарфи бўйича реал вақтда мониторинг олиб бориш учун аналог-рақамли конверторлар ва дастурий таъминот Тошкент ИЭС 4-энергоблокига синов тариқасида ўрнатилди ва 2022 йил якуни бўйича 751,0 миллион сўмлик 742, минг м3 табиий газ иқтисод қилишга эришилди.
-Харидлар жараёнини соддалаштириш ва рақамлаштириш мақсадида “ИЭС” АЖ “Автоматлаштирилган харид” дастурий таъминоти жорий қилинмоқда. Тендер натижаларига кўра, ушбу лойиҳани халқаро тажрибага эга “TEAM IDEA” МЧЖ компанияси амалга оширади.
Кўзда тутилган чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш "Иссиқлик электр станциялари" акциядорлик жамиятининг инвестицион жозибадорлигини ошириш имконини беради.